Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини халқаро талабларга мос ва сифатли ўтказишда картографик материалларнинг аниқлиги ҳам муҳим ҳисобланади.Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари) билан таъминлаш вазифаси юклатилди.Аҳоли пунктлари ва кўчаларнинг ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказиш вазифаси қўйилди.Миллий гвардия ва ички ишлар органларига эса аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб этиладиган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш топширилди.

Қачон, қандай шаклда ўтказилади?

Тайёргарлик босқичи аниқ ва сифатли якунига етказилгач, 2023 йилнинг ноябрь ойида аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланади. Қарор билан белгиланган Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда — қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилади.

Биринчи усулда рўйхатга олувчи ходимларуйма-уй юриб, сўров ўтказади ва саволлардан иборат варақани респондентларнинг сўзлари асосида тўлдиради. Бунда рўйхатга олиш ишлари беш хил шаклдаги сўровномалар—турар жойнинг хусусиятлари ва унда яшовчилар рўйхати, шахсга оид саволнома, Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари учун саволнома, аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича саволнома ҳамда вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун назорат варақаси бериш асосида ўтказилади.