Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Мингбулоқ туман инспекцияси ушбу орқали шуни маълум қиладиқи, Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳудудида 1000 гектарлик табиий ёдгорлик сифатида эътироф этиладиган қум барҳанлари мавжуд. Ушбу қум барҳанлари мазкур ҳудудда эндемик ҳисобланган ўзининг ўсимлик дунёси объектлари юлғун, саксовул, тўронғил, қандим, черкез ва бошқа турдаги буталар ҳамда ҳайвонот дунёси объектларидан Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ноёб ҳисобланган кулранг тусли бўз эчкемар ва бошқа ноёб турлари, чўл кирписи, агама думалоқ бошли калтакесак, қум илони, калтакесакларнинг бир нечта ноёб турлари, ёввойи қуён, қирғовул, тулки, ва бошқа каби бир нечта ёввойи ҳайвонот оламига бойлиги билан ажралиб туради.

Мазкур ҳудуддаги қум барҳанлари Наманган вилояти Мингбулоқ тумани “Истиқбол” ММТП ҳудудида 789 гектар, “Фарғона” ММТП ҳудудида 211 гектар, жами 1000 гектарли қум барҳанлари ер майдонлари халқ депутатлари Задарё район совети Президиумининг 1991 йил 12 декабр кунги 127/15-сонли қарорига мувофиқ табиий ёдгорлик сифатида эътироф этилган.

Ушбу қарор Мингбулоқ туман ҳокимлиги томонидан 2011 йил 6 феврал кунги “Наманган вилояти ўрмон ҳўжалиги тасарруфидаги ерларни бир қисмини туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтариш тўғрисида”ги 61-сонли қарори билан Мингбулоқ тумани “Истиқбол” ММТП ҳудудидан 789 гектар, “Фарғона” ММТП ҳудудида 211 гектар, жами 1000 гектарли қум барҳанлари ер майдонлари Наманган вилоят ўрмон ҳўжалиги тасарруфидан олиниб, туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилган бўлиб, мазкур қарорга асосан Задарё район совети Президиумининг 1991 йил 12 декабр кунги 127/15-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланган.

Бундан ташқари Мингбулоқ туман ҳокимлигининг 2017 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон овчи ва балиқчилик спорт бирлашмаси Наманган вилояти бўлимига ер майдони ажратиб бериш тўғрисида”ги 1428-сонли қарорига асосан Наманган вилояти овчилик ва балиқчилик спорт бирлашмасига Мингбулоқ тумани “Истиқбол ММТП ҳудудидан жами бўлиб, 137.96 гектар, шундан 130.94 гектар ихота дарахтзорлари, 0.42 гектар дала йўллари ўрни, 6.6 гектар қишлоқ ҳўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерларда эчкемар, кўрма илон, агама думалоқ бошли калтакесак ҳамда чўл кирписи, шунингдек ўсимлик дунёсидан юлғун, саксовул, тўронғил, қумларни учишдан сақловчи барча ўсимликлар аҳоли томонидан кесиб олинишларни олдини олиш, табиат дурдоналарини асраб авайлаш ва кўпайтириш мақсадида қўриқхона ташкил қилишга доимий равишда фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ҳозирги кунга келиб маскур қум барҳанларида ёввойи ҳолда яшовчи ҳайвонлардан Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ноёб ҳисобланган кулранг тусли бўз эчкемар, чўл кирписи, агама думалоқ бошли калтакесаклар, қум илони, калтакесакларнинг бир нечта ноёб турлари, ёввойи қуён, қирғовул, тулки ва бошқа турлар ҳамда ўсимликлардан юлғун, саксавул, тўронғил, қандим, черкез ва бошқа турдаги буталар мавжуд ҳисобланади.

Туман инспекцияси ҳодимлари томонидан ўтказилган назорат рейд тадбирлари натижасига кўра бир нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ноёб ҳисобланган кулранг тусли бўз эчкемар инларини бузиб, ноқонуний равишда ов қилганлиги ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарга нисбатан амалдаги қонунларда белгиланган тартибда чора кўрилган, ноқонуний ов маҳсулоти эса еркин ҳолда яшаши учун табиат қўйнига ҳолислар иштирокида қўйиб юборилган.

Ушбу ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар кўрилган ҳамда мунтазам равишда назоратга олинган.