Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:

республика даражасида - республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари;

ҳудудий даражада - ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари ҳамда шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказлари ходимлари;

туманлар (шаҳарлар)да - туман ва шаҳар статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман ва шаҳар рўйхатга олиш бўлимлари ҳамда рўйхатга олиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимлари.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва мод дий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари аҳолини рўйхатга олиш учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва рўйхатини шакллантиради.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб этиладиган шахслар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.

Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган шахслар рўйхати тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан шакллантирилади.