
Наманган вилоятида маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Мингбулоқ туманида жойлашган маданият марказида ҳам “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остида маънавий ва маърифий семинар-тренинг ташкилланди. Унда 500 нафардан зиёд фаол аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмитанинг ахборот хизмати раҳбари Илҳомжон Маърупов нутқ сўзлади. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда дунё мамлакатлари ўртасида ўзаро интеграциялашув жараёнлари, халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-ахлоқий тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб боришга тайёрлашни барча таълим муассасалари, оила, маҳалла ва жамоатчилик ўзининг асосий вазифаси сифатида белгилаб олиши зарурлиги, бундай шароитда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Семинар давомида гиёҳвандлик, ақидапарастликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.






