
Ўзбекистон - умумий уйимиз!
Қардошлик ва қондошлик, оға-ини, опа-сингил. Ўзбек, қорақалпоқ тожик, қирғиз, рус, татар, молдован, қозоқ ва ҳоказо. Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Баҳамжиҳатликда, аҳил-иноқ бўлиб яшаётган турли миллат ва элат вакиллари.
30 июлдан 7 августгача халқлар дўстлиги ҳафталиги эълон қилиниб, унинг доирасида Мингбулоқ туманидаги “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғида тадбир бўлиб ўтди.
Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик улуғланган кечада туманда яшовчи ўзбек, қорақалпоқ тожик, қирғиз миллати вакиллари фаол қатнашишди. Унда турли миллат вакилларининг куй-қўшиқлари янгради. Ижро этилган рақсларда ҳам турли миллатларнинг удум ва анъаналари тараннум этилди.
Таъкидлаш жоиз, миллатлараро бағрикенглик азалий қадриятимиз бўлиб, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Қадим-қадимдан ота-боболаримиз ўз ўгитларида халқлар дўстлиги туйғусини юксак даражада улуғлаб келишган.






