Белбоғли кураш: Мингбулоқ «Ўзбекистон чемпионати»га мезбонлик қилмоқда

Бугун, Мингбулоқ тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 16-30 ёшлилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувларига старт берилди.

Тадбирни туман ҳокими Нуршод Худойбердиев очиб берди. Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан ташкилланган ушбу мусобақа иштирокчиларига омад ва зафарлар тиланди.

Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик-тақвим режасидаги мазкур чемпионат баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 500га яқин ёш полвонлар иштирок этмоқда.

Чемпионатда ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналишларда 16 вазн тоифасида ўзаро куч синашаётган бўлса, қизлар эркин йўналишда 10 та вазнда ғолиблик учун кураш олиб боради.

Ўзбекистон чемпионати беллашувлари 24 августга қадар давом этади.  

@mingbuloq_hokimligi