
Мингбулоқда пахта йиғим-теримига старт берилди Бугун, 9 сентябрь куни Мингбулоқ тумани "Сайдали ҳожи" фермер хўжалиги пахта майдонларида "Пахта-2022" йиғим-терим мавсумига старт берилди. Унда туман ҳокими Нуршод Худойбердиев, сектор раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, маҳалла раислари, қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбарлари, Арт софт кластер вакиллари ва фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этдилар. Тадбирда туман ҳокими сўзга чиқиб, пахтакор деҳқонларнинг агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариб, ҳосилни йиғиб олишдек масъулиятли мавсумга етиб келганликлари билан табриклаб, пахта ҳосилнинг сифатли териб олинишида фермер хўжаликларига куч-ғайрат тилади. Жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Ҳосил баракаси учун дуолар ўқилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилда туманда 12 минг 916 гектар ер майдонига чигит экилган бўлиб, 48 185 тонна пахта етиштириш режалаштирилган. 332 та отряд ташкил этилган. Мавсумда 27 мингдан зиёд теримчи иштирок этади. 16 та пахта териш машиналари бириктирилган. @mingbuloq_hokimligi






