Қисқа таътилдан сўнг, туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ишчи гуруҳи билан биргаликда ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш, ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ишлар ҳолатини ўрганишга киришди.
Ўрганиш давомида авваламбор туман марказидаги экологик ҳолат ҳамда марказ кўринишини яхшилашга қаратилган ишлар кўриб чиқилди. Ноқонуний ўрнатилган рекламаларни бартараф этиш ва чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш учун тегишли хизматларга кўрсатмалар берилди. Ободонлаштириш ишларини янада тизимли ташкил этиш учун янги режалар ишлаб чиқилди.
Туман ҳокими Навоий ММТП ҳудудида закан бўйларидан самарали фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилди. Ушбу жойларда ўрдак боқиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари юзасидан таклифлар эшитилди. Мазкур ташаббус нафақат қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ривожлантириш, балки аҳоли даромадини оширишга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, балиқчилик соҳасида фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларининг иш жараёнлари ўрганилди. Уларнинг мавжуд муаммолари ва таклифлари эшитилиб, соҳани янада ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қишлоқ хўжалиги техникаларини 2025 йил мавсумига тайёрлаш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди. Ҳоким техникаларнинг ҳолатини назоратдан ўтказиш, ўз вақтида таъмирлаш ва мавсумга тўлиқ ҳозирлик кўриш бўйича масъул шахсларга аниқ вазифалар юклади.






