100 та уй хўжалигига нечта компьютер тўғри келади? ? Давлат статистика қўмитасининг уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларига асосан 2021 йилнинг январь-декабрь ҳолатига 100 та уй хўжалигига ўртача 63 та компьютер тўғри келган. ✅ Маълумот ўрнида, 2010 йилнинг январь - декабрь ойларида 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган компьютерлар сони 12 тани ташкил этган.

Янги Гулбоғда фуқаролар қабули ўтказилди

Туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Янги Гулбоғда навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Унда 20га яқин фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби ўзгармоқда

 

Жорий йилнинг 29 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ЎРҚ-781-сонли Қонуни 2022 йил 30 сентябрдан қонуний кучга киради.

Қонунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

- мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш, фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш;

- республика аҳамиятига ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);

- тасдиқланган аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуришга оид қисмини бажариш;

- давлат инвестиция дастурларида кўрсатилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг бинолари ҳамда иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадларида ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари деб тан олиниши белгиланди.

Қонунга мувофиқ, ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланади.

Шунингдек, ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида — республика даражасида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида — ҳудудий даражада  ташкил этилади.

 

 

Ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббуснинг мазкур Қонунда назарда тутилган жамоат эҳтиёжларига мувофиқлиги ҳамда ер участкасини олиб қўйиш билан боғлиқ кутилаётган сарф-харажатларнинг оқилоналиги масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг асослантирувчи материаллар киритилганидан кейин чақириладиган навбатдаги очиқ мажлисида дастлабки тарзда кўриб чиқилиши, ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижаларига кўра ер участкаларини олиб қўйиш бўйича ташаббуснинг очиқ муҳокамасини ўтказиш тўғрисида ёки ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниши, ер участкаларини олиб қўйиш бўйича ташаббуснинг очиқ муҳокамасини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида ўтказилиши, очиқ муҳокама, агар унда ҳуқуқ эгаларининг (улар вакилларининг) учдан икки қисми иштирок этган бўлса, ўтказилган деб ҳисобланиши, очиқ муҳокама якунлари бўйича тузилган баённома Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга тақдим этилгандан кейин бир ой ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси девони, маҳаллий Кенгаш котибияти ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарори лойиҳасини тайёрланиши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳуқуқ эгалари билан компенсациянинг шартлари, турлари ва миқдори бўйича келишувга эришишга доир ишларни амалга ошириши белгиланди.

Қонунга мувофиқ, қуйидагилар компенсация қилинади:

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;

олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи мустасно);

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;

кўчиш, шу жумладан бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;

ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда (бунда ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектлари бўшатиб қўйилган пайтдан эътиборан аввалги фаолиятни тиклашга қадар бўлган, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатдаги фойда ёки мавсумий ҳосилдан олиниши мумкин бўлган фойда ҳисобга олинади);

ҳуқуқ эгасининг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлари ва зарарлари.

Бериладиган компенсация турлари эса қуйидагилардан иборат бўлади:

пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари;

бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;

келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа турлари.

Шунингдек, мазкур Қонунда давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминланиши белгиланди.

 

 

Наманган туманлараро

иқтисодий судининг судьяси                                                   А. Дадабаев